Австрияда маҳаллий вақт билан соат 7:00 да президентлик сайловларининг иккинчи тури доирасида овоз бериш участкалари очилди. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар бермоқда.
Иккинчи турга мустақил номзод, Яшиллар партиясининг собиқ етакчиларидан бири Александр ван дер Беллен ҳамда Австрия озодлик партияси вакили Норберт Хофер ўта олди.
Бу ҳафта Австрия тақдирини кескин ўзгартириб юбориши мумкин: 17 май, сешанба куни янги канцлер, социал-демократик партия етакчиси Кристиан Керн қасамёд қилди, энди эса янги президент сайланмоқда. Ундан илгариги канцлер — Вернер Файман, президентлик сайловларининг иккинчи турига икки етакчи сиёсий куч вакиллари эмас, балки мухолифат кўрсатган номзодлар чиқиши маълум бўлгач, истеъфо берган эди.
Изоҳ (0)