Хитойнинг Шанхай шаҳрида Халқаро енгил атлетика федерацияси тақвимидан ўрин олган «Бриллиант лига» мусобақасининг иккинчи босқич беллашувлари ўз якунига етди. Ушбу мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик Надия Дусанова баландликка сакраш секторида 1,94 метр натижани қайд этиб, Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланма олди, деб хабар бермоқда «Sports.uz».
Аёллар ўртасида баландликка сакраш секторида баҳс олиб борган Надия Дусанова 1,94 метр баландликни қайд этибгина қолмай, Олимпиада нормативини ҳам бажарди. Ушбу натижа Надияга мусобақанинг кумуш медалини тақдим этди. Сент-Люсия вакиласи Леверн Спенсер 1,94 метр баландликни биринчи уринишда, Дусанова учинчи уринишда забт этгани боис ўзбекистонлик спортчига иккинчи ўрин насиб этди.
Мазкур йўналишдаги беллашувларда яна бир Ўзбекистон вакиласи — Светлана Радзивил ҳам иштирок этди. Рио–2016 Олимпиада ўйинлари йўлланмасини аввалроқ нақд қилиб қўйган Радзивил бу сафар 1,88 метр баландлик билан тўртинчи натижани қайд этди.
«Бриллиант лига», Шанхай
Баландликка сакраш, аёллар
- Леверн Спенсер (Сент-Люсия) – 1,94 метр
- Надия Дусанова (Ўзбекистон) – 1,94 метр
- Ана Симич (Хорватия) – 1,92 метр
- Светлана Радзивил (Ўзбекистон) – 1,88 метр
Қайд этиш жоиз, 16 май ҳолатига кўра, 7—18 сентябрда ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинларига ўзбекистонлик спортчилар томонидан 25 та йўлланма қўлга киритилган.
Изоҳ (0)