Футбол бўйича Испания терма жамоаси бош мураббийи Висенте дель Боскенинг маълум қилишича, «Реал» ва «Атлетико» клубларининг Чемпионлар Лигаси финали ҳамда «Севилья»нинг «Ливерпуль»га қарши Европа Лигаси финалида иштирок этиши мамлакат терма жамоасининг режаларига салбий таъсир ўтказиб, Евро–2016 турнирига қайднома борасида қарор қилишга тўсқинлик қилмоқда, деб хабар қилади «Чемпионат».
«Испаниянинг учта клуби еврокубоклар финалида иштирок этаётгани терма жамоа режаларини бузди. Финал баҳсларида терма жамоага номзод бўлган 17 нафарга яқин футболчи иштирок этади. Биз уларнинг барчасини кузатиб борамиз. Нима бўлишидан қатъий назар, мен терма жамоанинг Евро–2016 турнирида иштирок этадиган футболчилар рўйхатини белгиланган муддатда маълум қилишим керак, лекин бундай шароитда бу ишнинг уддасидан чиқиш қийинроқ бўлади», – деди дель Боске.
Маълумот учун, 18 май куни Базель шаҳридаги «Санкт-Якоб Парк» стадионида бўлиб ўтадиган Европа Лигаси финалида «Ливерпуль» ва «Севилья» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. 28 май куни Милан шаҳридаги «Сан-Сиро» стадионида ўтказиладиган Европа Чемпионлар Лигаси финалида эса Мадриднинг икки клуби — «Реал» ва «Атлетико» бош соврин учун беллашади.
Испания терма жамоаси 10 июндан 10 июлгача бўлиб ўтадиган Европа чемпионатининг гуруҳ босқичида Чехия, Туркия ва Хорватияга қарши баҳс олиб боради.
Изоҳ (0)