Қозоғистон профессионал футбол лигаси (ҚПФЛ) президенти Олжас Абраев ишчи ташриф билан 11 май, чоршанба куни Ўзбекистонга келди. ҚПФЛ раҳбари Ўзбекистон футбол федерацияси биносида Ўзбекистон профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) бош директори Фарҳод Магаметов билан учрашди, деб хабар беради «Championat.asia».
«Учрашув тафсилотлари бизга маълум эмас», – дейилади «Chempionat.asia» хабарида.
Қозоғистон профессионал футбол лигаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҚПФЛ президенти Олжас Абраев ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магаметов билан учрашув чоғида ўзаро ҳамкорлик ҳамда профессионал клублар ўртасида мусобақа ўтказиш каби масалаларни, шунингдек, томонларнинг ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш имкониятини муҳокама қилди.
Ташриф чоғида ҚПФЛ президенти «Бунёдкор» футбол клуби бош директори Бахтиёр Бобоев билан учрашди. Олжас Абраев «Бунёдкор» стадиони, музейи ва клуб академиясини кўздан кечирди.
«Chempionat.asia»нинг хабар беришича, 1984 йилда туғилган Олжас Абраев Қозоғистон футбол федерацияси Ижроия қўмитаси аъзоси, УЕФА делегати, Қозоғистон футбол федерацияси вице-президенти, УЕФА Маркетинг қўмитаси аъзоси, ФИФА комиссари лавозимларида ҳам фаолият олиб боради.
Изоҳ (0)