Бразилияда смартфон эгаларининг 96 фоизи фойдаланадиган WhatsApp мессенжери ҳукумат буйруғига кўра блокланганидан сўнг унинг рақобатчиси — Telegram мессенжерига 7 миллион янги фойдаланувчи уланди. Бу ҳақда «Hi-Tech.Mail.ru» хабар бермоқда.
WhatsApp’га эгалик қилувчи Facebook компанияси Бразилия расмийлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани боис мессенжер ёпиб қўйилди. Ҳукумат компаниядан фойдаланувчиларнинг шахсий ёзишмаларини тақдим этишни талаб қилган эди.
WhatsApp бошлиғи ўринбосари Ян Кум Бразилия улардан йўқ нарсани беришни талаб қилаётганини айтди, негаки фойдаланувчиларнинг ёзишмалари серверларда сақланмайди.
Суд WhatsApp’ни 72 соатга блоклаб қўйиш ҳақида қарор қабул қилди. Шунга қарамай, 3 май куни, маҳаллий вақт билан 19:00 атрофида мессенжер фаолияти қайта тикланди.
Бундан ташқари, WhatsApp блокланганидан кейинги бир сутка мобайнида ICQ мессенжерининг ўрнатилиш ҳажми 45 баробарга кўпайгани айтилмоқда.
Facebook асосчиси Марк Цукерберг фойдаланувчиларга мурожаат қилиб, мессенжерлар ва бошқа интернет сервисларини блоклашга қарши намойишлар уюштиришга чақирди.
Internet Freedom House ташкилоти фаоллари 4 май куни парламент деворлари остида тўпланиб, депутатлардан қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритган ҳолда бундан буён мессенжерлар блокланишининг олдини олишни талаб қилмоқчи.
Изоҳ (0)