Эквадорлик ва колумбиялик қутқарувчилар 18 апрель, душанба куни кечки пайт Эквадордаги зилзиладан жабр кўрган Портовехо шаҳридаги бино вайроналари остида 40 соат қолиб кетган эркакни қутқарди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
El Comersio портали маълумотларига кўра, қутқарилган киши меҳмонхона маъмури бўлиб ишлаган ва табиий офат юз берган чоғда биринчи қаватда бўлган. Тўққиз қаватли бино тўлиғича қулаб тушган, бироқ Пабло Кордоба вайроналар остида омон қолди ва ҳатто яқинларига қўнғироқ қилишга ҳам муваффақ бўлди.
Бир неча соат давом этган уринишлардан сўнг қутқарувчилар Кордобани тош қамалдан қутқарди. Зилзила чоғида хоналарида бўлган беш нафар мижознинг омади келмаган кўринади: бино бўлаклари остидан уч кишининг жасади топилган, яна икки кишининг тақдири номаълум бўлиб турибди.
Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила қурбонлари сони 413 кишига етди.
Изоҳ (0)