Британия қироличаси Елизавета II уни танимаган АҚШлик сайёҳларга ҳазил қилди, деб ёзади «Газета.ru». Бу ҳақда Daily Mail нашрига Ҳазрати Олияларининг собиқ соқчиси Ричард Гриффит маълум қилди.
Гриффитнинг сўзларига кўра, қиролича ўзининг Шотландиядаги Балморал қароргоҳи яқинида сайр қилаётган бўлган. Елизавета II кўримсиз кийим кийиб, бошига рўмол ўраб олган. Қиролича қаршисидан чиққан америкалик сайёҳлар гуруҳи уни танимаган.
«Сиз шу яқин атрофда яшайсизми?» — дея сўраган ҳеч нарса ҳақида гумон қилмаган америкаликлардан бири қироличадан. Сўнг улар Елизавета II дан қироличани ҳеч кўрган-кўрмаганлиги ҳақида сўрашган. У ўзига ҳамроҳлик қилаётган соқчини кўрсатиб, шундай жавоб қилган: «Йўқ, мен кўрмаганман, лекин у кўрган».
Изоҳ (0)