Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин Марокаш Қироллигининг Марокаш шаҳрида давом этаётган, соврин жамғармаси 520 070 еврони ташкил этувчи Grand Prix Hassan II теннис турнирининг жуфтликлар баҳсида ярим финалга чиқди.
Мусобақа расмий сайтининг маълум қилишича, ҳиндистонлик Роҳан Бопанна билан тандем ҳосил қилган Истомин чорак финал учрашувида испаниялик Пабло Каррено-Буста ва Иниго Сервантес жуфтлигига қарши корта чиқди ва 6:3, 7:6 ҳисобида ғалаба қозонди.
Эслатиб ўтамиз, Истомин/Бопанна жуфтлиги илк даврада франциялик Фабрис Мартин ва австриялик Оливер Марак дуэтини 6:4, 6:2 ҳисобида мағлуб этганди. Жуфтликлар баҳси ярим финалида Истомин ва Бопанна тандеми хорватиялик Марин Драганжа ҳамда покистонлик Айсам Қурайши дуэтига қарши кортга чиқади.
Яккалик баҳсларида ҳам иштирок этаётган 29 ёшли Денис Истомин дастлабки даврада италиялик Лоренсо Жюстинони 7:6, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Иккинчи даврада ўзбекистонлик теннисчи испаниялик Пабло Каррено-Бустага қарши баҳс олиб боради.
Изоҳ (0)