«Валенсия» бош мураббийи Гари Невилл ўз лавозимини тарк этди, деб ёзади «Sports.ru». Англиялик мутахассис 2015 йилнинг декабрь ойида жамоани қабул қилиб олганди.
Гари Невилл бошқарувида «Валенсия» Ла Лига доирасида кетма-кет 10 та учрашувда очко йўқотди. Бундан ташқари, Испания Кубогининг ярим финалида «Барселона»га 0:7 ҳисобида имкониятни бой берди. Шунингдек, Европа Лигасидан ҳам чиқиб кетди.
Гари Невилл бошқарувидаги тўрт ой давомида «Валенсия» ўзи иштирок этган барча турнирлардаги 10 та ўйинда ғалаба қозонди. 7 та беллашув дуранг билан якунига етган бўлса, 11 тасида имконият бой берилди.
«Sports.ru»нинг ёзишича, Невилл мураббийлик фаолиятини якунламайди ва янги жамоа излашда давом этади. «Чемпионат»нинг хабар беришича, Гари Невиллнинг укаси Фил Невилл «Валенсия»да ёрдамчи мураббий бўлиб қолаверади.
Кичик Невилл аввалига Нуну Эшпириту Сантуга, кейин акаси — Гари Невиллга кўмаклашди. Энди «Валенсия»га вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланган Пако Айестаран билан ишлайди.
Гари Невилл бутун футболчилик фаолиятини бир клубда — Англиянинг «Манчестер Юнайтед» жамоасида ўтказган. Футболчиликни якунлаганидан сўнг телевидениеда эксперт бўлиб ишлаган Гари айни вақтда Англия миллий терма жамоасида бош мураббий Рой Хожсонга ёрдам беради.
Изоҳ (0)