АҚШ президенти Барак Обама унинг ўрнини бошқа киши эгаллаганидан сўнг Конгресс Кубага қарши савдо-иқтисодий эмбаргони тўлиқ бекор қилишига ишончи комил. Бу ҳақда у CNN телеканалига берган интервьюси чоғида маълум қилган, дея хабар беради «ТАСС».
«Келгуси маъмурият пайтига келиб, у демократларники бўладими ё республикачилар, бундан қатъий назар, эмбарго олиб ташланишини ишонч билан тахмин қиламан. Ҳозир Кубага қарши чекловчи чоралар бекор қилинишини ёқлашга тайёр қонун чиқарувчилар сони етарли эмас, бироқ келгусида вазият ўзгариши керак. Биз Кубага маҳсулотлар сотишимиз, кубаликлар билан иш олиб боришимиз, уларга бизнес юритиш услубларимизни ўргатишимиз, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига қандай ёндашишимизни кўрсатишимиз тўғрироқ бўларди. Бу биз кутаётган ўзгаришлар тезроқ амалга ошишини таъминлайди», — дея таъкидлаган Обама.
Барак Обама рафиқаси Мишель ҳамроҳлигида 21—22 март кунлари Кубада бўлиши ва 88 йил давомида мазкур орол-давлатга келган АҚШнинг биринчи амалдаги давлат раҳбарига айланиши кутилмоқда. АҚШ 1961 йилда Куба билан дипломатик алоқаларни узган ва савдо-иқтисодий эмбаргони жорий этганди.
Изоҳ (0)