Ироқда эронлик зиёратчиларни олиб кетаётган автобус ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлди, 57 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Iran International хабар берди.

Автоҳалокат Басра–Шаламчеҳ йўналишида юз берган. Зиёратчилар Арбаин маросимига йўл олган. Йўл транспорт ҳодисаси автобуснинг йўл четидаги тўсиққа урилиши сабабли юз берган. Эрон Қизил ярим ой жамияти воқеа жойига 10 та тезкор гуруҳ юборган.
Бу бир ҳафта ичида Ироқда зиёратчилар иштирокида содир бўлган иккинчи йирик ҳодиса. 10 август куни Нажаф ва Карбало шаҳарларини боғловчи йўл бўйидаги сув тозалаш иншоотидаги носозлик сабаб ҳавога хлор гази сизиб чиққанди. Оқибатда 600 дан ортиқ зиёратчи нафас қисиши белгиси билан шифохонага ётқизилган. Уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган ва соғайганидан сўнг уйларига жавоб берилган.
Шаламчеҳ эса Эрон ва Ироқ ўртасидаги расмий халқаро чегара пункти бўлиб, Хуррамшаҳр шаҳридан 15 километр ғарбда жойлашган. Арбаин даврида бу пункт муқаддас қадамжоларга борувчи зиёратчилар учун энг гавжум ўтиш жойларидан биридир.
Изоҳ (0)