Миграция агентлиги хориждаги Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқиб, қуролли можароларда иштирок этиш жиноий жавобгарликка олиб келишидан огоҳлантирди.

“Қатор давлатларда меҳнат мигрантларини қуролли ҳаракатларда иштирок этишга ёллаш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳаётга, эркинлик ва келажакка хавф солади”, дейилади агентлик огоҳлантиришича.
Агентлик қуйидагилар қатъий равишда тақиқланишини эслатди:
- қуролли можаро ва жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларга яқинлашиш;
- ҳарбий операцияларда иштирок этиш;
- хорижий давлатларнинг қуролли кучлари, хавфсизлик хизматлари, ҳарбий адлияси ёки бошқа куч тузилмалари сафига қўшилиш;
- шубҳали шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ёллаш ёки жалб қилиш (вербовка) таклифларига розилик бериш.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-1моддасига (чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) мувофиқ, хорижий давлатларда ёлланма асосда ҳарбий хизмат ўташ 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Хавф туғилганда нима қилиш керак?
“Шубҳали таклиф ёки вазиятлар юзага келганда, дарҳол Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ёки Миграция агентликнинг ваколатхоналарига мурожаат қилинг” дея билдирди Миграция агентлиги ва фақат қонун доирасида ҳаракат қилишга чақирди.
“Хочу жит” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳасига кўра, Россия 2025 йилда армия билан шартнома тузган камида 902 нафар Ўзбекистон фуқаросини урушга ёллади. Ёллаш кўпинча шантаж билан бирга кечиши мумкин.
Изоҳ (0)