Германия бир нечта НАТО иттифоқчилари билан бирга АҚШнинг Украинага қурол ва ўқ-дори етказиб бериш бўйича илк пакетларидан бирини молиялаштиришга келишиб олди. Пакет қиймати 500 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Молиялаштириш келишуви ҳақида Германия ташқи ишлар вазирлиги 13 август куни маълум қилган. Айтилишича, бу қарор Украинани қўллаб-қувватловчи “Коалиция” етакчиларининг видеомулоқотида келишиб олинган. Ушбу мажлисга Франция президенти Эммануэл Макрон, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Германия канцлери Фридрих Мерс раислик қилган.
“АҚШнинг Украинага қурол ва ўқ-дори етказиб беришни давом эттиришга тайёрлигини олқишлаймиз. Ушбу ташаббусда иштирок этиш билан Украинани кучлироқ ва барқарор қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор исботлаяпмиз”, дейилади ТИВ баёнотида.
Маълум қилинишича, янги яратилган PURL (Prioritized Ukraine Requirements List —Украинанинг устувор талаблари рўйхати) механизми орқали НАТО етказиб бериш жараёнини мувофиқлаштиради ва Украинанинг энг долзарб ҳарбий эҳтиёжларига мос келиши таъминланади. Молиялаштириш Европа ҳамкорлари ва Канада орқали амалга оширилади.
Баёнотда айтилишича, пакетга Европада ишлаб чиқарилмайдиган ёки АҚШ Европа ва Канададан тезроқ етказиши мумкин бўлган ҳарбий маҳсулотлар киради. Бунда, хусусан, Россия ҳаво ҳужумларини тўхтатиш учун зарур бўлган муҳим ҳаво мудофааси тизимлари ҳам қамраб олинган.
АҚШ президенти Дональд Трамп июль бошида Украинага қурол етказиб беришни тўхтатишини айтганди. Лекин у кейинчалик бу қарорини ўзгартириб, Европа давлатлари молиялаштириш шарти билан қурол ёрдамини давом эттиришга рози бўлганди.
Расмий маълумотларга кўра, Германия Европада Украинага энг йирик ҳарбий ёрдам кўрсатувчи давлат бўлиб, мамлакат 2022 йилдан бери умумий қиймати 40 миллиард евро (46,8 миллиард доллар)лик ёрдам берган. Бу ёрдам “Леопард 2” ва “Gepard zenith” танклари, “Marder” жанговар машиналари, “Патриот” ҳамда “ИРИС-Т” ҳаво мудофааси тизимларини ўз ичига олади.
Изоҳ (0)