Жорий йил 13 август куни Португалиянинг Порто шаҳридаги Кампана районида ғайриоддий, аммо ниҳоятда аянчли воқеа юз берди. 59 ёшли эркак ўз уйида тасодифий бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳаётдан кўз юмди — уни турмуш ўртоғининг вазни босиб қолди.

Correio da Manhã вa The Mirror нашрларининг ёзишича, 60 ёшли аёл ётоқдан турмоқчи бўлганида оёғи қоқилиб кетган ва шу пайтда ерда ухлаб ётган эрининг устига йиқилган. У каравот ва девор орасида қисилиб қолиб, ўрнида тура олмаган. Вазни 100 килограммдан ортиқ бўлган аёл эркакнинг нафас йўлларини тўсиб қўйган ва у кислород етишмовчилигидан (асфиксия) ҳалок бўлган.
Воқеа жойида аёл қичқириб, ёрдамга чақирган ва қўшнилар зудлик билан ёрдамга етиб келган. Аёлни кўтариб олиш учун беш киши ҳаракат қилган, бироқ бу вақтга келиб эркакда ҳаёт аломатлари кўринмаган. Ҳодиса жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ва шифокорлар унга биринчи ёрдам кўрсатган ва жонлантириш чораларини кўрган, аммо эркакни қутқариш имкони бўлмаган.
Португалия полицияси воқеани “тасодифий ўлим” сифатида таснифлаб, жиноятни истисно қилди. Терговга яқин манба хулосасига кўра, аёл мувозанатини йўқотиб йиқилган, ва ҳеч қандай зўравонликни режалаштирмаган.
Одатда бундай травмадан кейин одамлар ўзини айбдор ҳис қилиши, кучли стресс ва депрессия кечириши эҳтимоли катта. Шу сабабли аёлга профессионал психологик ёрдам таклиф қилинган.
Тиббиёт мутахассисларига кўра, одамнинг тасодифий босиб қолиши оқибатида асфиксия билан вафот этиши жуда кам учрайдиган ҳолат.
Изоҳ (0)