Футбол бўйича Бразилия миллий ва олимпия терма жамоаси бош мураббийи Карлос Дунга «Барселона» ҳужумчиси Неймарнинг Рио–2016 ўйинларида мамлакат термаси сафида иштирок этишини хоҳлаяпти, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Бразилиянинг миллий ва олимпия терма жамоаси 2016 йилнинг ёзида футбол бўйича АҚШда ўтказиладиган Америка Кубоги ва Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида иштирок этади. Дунга Неймарнинг мазкур турнирларда иштирокини таъминлаш учун «Барселона» раҳбарияти, мураббийлар штаби ва ҳужумчининг ўзи билан учрашиш мақсадида Испанияга ташриф буюрди.
Дунганинг айтишича, Неймар бўлиб ўтадиган турнирларнинг ҳар иккаласида иштирок этмоқчи. Аммо каталон клуби раҳбарияти Неймарнинг жисмоний зўриқишининг олдини олиш учун унинг бўлажак турнирларда иштирок этишига қаршилик кўрсатмоқда.
Бразилия терма жамоаси бош мураббийи «Барселона» вакилларини Неймарга иккала турнирда иштирок этишга кўндира олмаса, у ҳужумчининг ҳеч бўлмаса Олимпиада ўйинларидаги иштирокини таъминламоқчи.
Футбол бўйича Олимпиада ўйинларида Бразилия бирор марта ҳам муваффақият қозона олмаган. Шу сабабли, Дунга ўз ватанида бўлиб ўтадиган мусобақада ғолиб чиқиш муҳим эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Рио—2016 ўйинлари 2016 йилнинг 5 августидан 21 августига қадар бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)