Вазирлар Маҳкамаси қарори (pdf) билан Паспорт-виза режимига риоя қилиш тартиби мустаҳкамланганлиги ва уй-жой фондидан фойдаланиш тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дея хабар бермоқда «Norma.uz».
Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш маркази тўғрисидаги намунавий низомда энди бошқа минтақалардан келган фуқаролар учун вақтинчалик бир марталик иш билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилиши белгилаб қўйилди.
Ушбу гувоҳнома Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муддатига, шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча ҳисобга олиш муддатига берилади. Бунда гувоҳнома муддати олти ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Гувоҳнома олиш учун фуқаро Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказига:
- ариза;
- асл нусха кўрсатилган ҳолда паспортнинг нусхаси;
- 3×4 см ўлчамли тўртта фотосурат;
- белгиланган шакл бўйича тўлдирилган сўровнома тақдим этиши керак.
Изоҳ (0)