Синай яриморолида қулаган Россиянинг A321 самолёти ҳалокатини тергов қилаётган халқаро комиссия Миср расмийларидан мамлакат президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийнинг фожиага террор сабаб бўлгани ҳақидаги сўзларини исботлайдиган далилларни тақдим этишни сўрайди. Бу ҳақда «ElWatan.com» сайтига таяниб, «РИА Новости» ёзмоқда.
«Миср—2030» мамлакатни ривожлантириш лойиҳаси тақдимоти чоғида чиқиш қилган ас-Сисий Россия самолётининг ҳалокатига теракт сабаб бўлганини биринчи марта эътироф этди. Унинг сўзларига қараганда, террорчилар шу йўл билан Мисрни яккалаб қўйиб, унинг Россия, Италия ва бошқа давлатлар билан алоқаларини бузишга ҳаракат қилган.
«Тергов комиссияси давлатнинг олий мансабдорининг бундай баёнотлари фақат ишонарли далил ва ахборот бўлганидагина берилишини жуда яхши билади. Шу муносабат билан комиссия масъул органлардан бундай далилларни тақдим этиб, техник терговни тугатиш ва ишни бош прокурорга оширишда ёрдам беришни сўрайди», – деб тушунтирди мамлакат фуқаролик авиацияси вазирлиги вакили.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 31 октябрь куни Россиянинг «Когалимавиа» компаниясига тегишли Airbus A321 самолёти Синайда қулади. Бортда бўлган 217 йўловчи ва экипажнинг етти нафар аъзоси ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)