Саудия Арабистони ҳарбий ҳаво кучларининг дастлабки самолётлари Инжирлик авиабазасига келиб қўнди. Бу ҳақда, Туркия президенти матбуот котибига асосланиб, Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг матбуот котиби ва ёрдамчиси Иброҳим Калиннинг Анқарадаги матбуот анжуманида маълум қилишича, Туркия 3,8 мингга яқин кишини ИШИДга қарши кураш учун йўналтирган. Айни вақтда, унинг қўшимча қилишича, Анқара Сурия ҳудудидаги қуруқликдаги операцияларни якка ўзи ташкил этиш ниятида эмас ва халқаро коалиция билан келишган ҳолда ҳаракат қилади.
Калин Суриядаги ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги сулҳнинг амалга оширилишини шубҳа остига олди ва Туркия ўз миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай ҳодисага муносабат билдиришини маълум қилди.
Инжирликда Саудия Арабистони ҳарбий авиацияси билан биргаликда 15—20 февраль кунлари машғулотлар ўтказилишини эълон қиларкан, расмий Анқара зарур стратегия бўлса, Ар-Риёд билан биргаликда ИШИДга қарши қуруқликдаги операцияни бошлаши мумкинлигини маълум қилганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)