БМТнинг штаб-квартирасида 19 февраль куни халқаро ташкилот раҳбари Пан Ги Мунга совға тариқасида «Бирлашган Миллатлар – 70 йил» номли фильмни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«ТАСС»нинг ёзишича, телефильм агентлик томонидан Россия ТИВ, маданият вазирлиги ҳамда «Россия 24» телеканали кўмагида яратилган. Лойиҳа раҳбари – «ТАСС»нинг бош директори Сергей Михайлов, фильм муаллифи ва бошловчиси – Михаил Гусман, матн Россия халқ артисти Сергей Юрский томонидан ўқилди.
Ҳужжатли фильмда БМТнинг тарихи ва фаолиятига чизгилар берилган. Картинадан илгари журналистларга маълум бўлмаган, БМТнинг махсус хоналари, жумладан, Хавфсизлик Кенгаши аъзоларининг ёпиқ учрашувлари ўтадиган залда олинган видеокадрлар ўрин олган.
Фильм муаллифлари дунёнинг БМТ фаолият юритаётган «қайноқ нуқта»ларида, хусусан, Конго Демократик Республикасидаги БМТ махсус контингенти базасида бўлган.
Фильмга, шунингдек, Пан Ги Муннинг ҳамда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркиннинг интервьюлари киритилган.
Изоҳ (0)