Япония бош вазири Синдзо Абэ парламентдаги нутқи чоғида ўз рафиқасига янглишиб, итлар учун мўлжалланган биоқўшимчани берганини айтди, деб ёзади «РИА Новости».
Синдзо Абэ аниқлик киритишича, у Японияда оммабоп бўлган антиоксидантни сотиб олган, бироқ бундай препарат итлар саломатлигини сақлаш учун ҳам тайёрланишидан бехабар бўлган. «Бир марта рафиқамга сезамин бергандим. У ҳаммасини ичиб тугатганидан сўнггина унинг жониворлар учун мўлжалланганини билганмиз», — дея тан олди бош вазир.
Аммо сиёсатчи дори таркибини ўрганиб чиқиб, унинг одамлар ва жониворлар учун мўлжалланган турлари бир хил эканлигидан хабар топган.
Абэ ўз ҳаётидаги ушбу воқеани бекорга эсга олмади. Парламентдаги дискуссия чоғида депутатлардан бири унга итларнинг одамлар овқатига ҳам қўшилиши мумкин бўлган маҳсулотлари учун истеъмол солиғини ошириш ҳақида савол берганди.
Изоҳ (0)