Туркия бош вазири Аҳмет Давутўғли Германия Федератив Республикаси канцлери Ангела Меркель билан телефон суҳбати чоғида Туркия Суриядаги курдлар томонидан бўладиган ҳужумларга жавоб қайтаришда давом этишини айтди. Бу ҳақда бош вазир идорасидаги манбасига таяниб, Reuters хабар бермоқда, деб ёзади «ТАСС».
«Туркия хавфсизлик кучлари Сурия шимолидаги курдларнинг Ўз-ўзини мудофаа қилиш халқ кучлари томонидан бўладиган ҳужумларга жавоб қайтаришда давом этади», — деди Давутўғли.
Аввалроқ курдларнинг «Демократик иттифоқ» партияси етакчиларидан бири Солиҳ Муслим унинг тарафдорлари «Туркиянинг Сурия шимолига қаратилган ҳар қандай ҳужумига қарши туришини» айтган эди.
Туркия артиллерияси бир неча кундан буён Сурия шимолидаги чегара туманларида Ўз-ўзини мудофаа қилиш халқ кучлари нуқталарини ўққа тутмоқда. Зарбалар натижасида бир неча курд жангчилари ҳалок бўлди, яна ўнлаб киши яраланди.
Изоҳ (0)