Туркиянинг Баликесир вилоятида 10 август куни 6,1 магнитудали кучли зилзила юз берди. Ер силкиниши оқибатида қулаб тушган бино эгаси ва қурувчиси қўлга олинди.

Айбланувчилар 11 август куни эҳтимолий бепарволик бўйича тергов доирасида ушланган. Зилзила сабабли Синдирғи шаҳридаги 3 қаватли уй қулаб, 81 ёшли эркак вафот этган. Провинция бўйлаб жами 29 киши жароҳатланган.
Ер силкинишлари ҳатто 200 километр узоқликдаги Истанбулда ҳам сезилган. Бу эса 16 миллиондан ортиқ аҳолига эга шаҳарда хавотир уйғотган. Мутахассислар кучли зилзилалар хавфи сақланиб қолаётганини таъкидламоқда. Ички ишлар вазири Али Ерликаяга кўра, зилзила оқибатида 16 бино вайрон бўлган, уларнинг аксарияти ташлаб кетилган қишлоқ уйлари ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазири Камол Мемисўғлининг айтишича, жароҳат олиб касалхонага ётқизилган 29 кишидан 19 нафари уйига жавоб берилган, қолганларнинг аҳволи оғир эмас. Ҳудудда 200 дан ортиқ афтершок қайд этилган, энг кучлиси 4,6 магнитудали бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Туркияда юз берган 7,8 магнитудали зилзила 53 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлганди. Қурбонлар сонининг кўплигига сифатсиз қурилиш усуллари, суст назорат ва тизимли хатолар сабаб бўлган.
Изоҳ (0)