Ўзбекистонда 2025/2026-ўқув йилида 738 минг нафар бола 1-синфга келиши кутилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, 11 августга қадар умумтаълим мактабларининг 1-синфига 666 782 нафар бола (90 фоиз) қабул қилинди. Қабул жараёнлари 15 августга қадар давом этади. Қабул қилинган болалар сони Самарқанд вилоятида энг кўп — 83 211 нафар.

“Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, болалар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Бу йил 1-синфга 2018 йилнинг 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.
1-синфга қабул қилинаётган болалар учун 12 номдаги ўқув қуроллари Президент совғаси сифатида тайёрланди. Унда 1 та ўқув сумкаси, 12 та ўн икки варақли дафтар, 1 та ручка, 2 та оддий қалам, 1 та ўн икки рангдаги қаламлар тўплами, 1 та рангли қоғоз тўплами, 1 та пластилин, 1 та расм дафтари, 2 та ўчирғич, 1 та ўн икки рангдаги акварел буёғи, 1 та елим (клей), 1 та қаламдон бор.
Айни вақтда ушбу ўқув қуролларини вазирлик ҳузуридаги “Таълим-таъминот ва логистика” хизмати томонидан жойлардаги мактабларга етказилмоқда. Хусусан, 1-10 август кунлари ҳудудларга, 10—20 август кунлари мактабларга етказилиши белгиланган.
Вазирлик маълумотига кўра, янги ўқув йилида Ўзбекистонда мавжуд 10 170 тадан ортиқ умумтаълим мактабларида 6,7 миллион нафар ўқувчи таълим олишни бошлаши кутилмоқда. Шунингдек, янги ўқув йилида республикада 30 дан ортиқ янги мактаблар ўз фаолиятини бошлайди.
Жорий йилда ижтимоий, ишлаб чиқариш дастурлари ва бошқа манбалар ҳисобидан 379 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва бунинг натижасида 112 минга яқин ўқувчи ўрни яратилиши, 73 мингтадан ортиқ ўринли ўқув бинолари мукаммал таъмирланиши режалаштирилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғи билан Ўзбекистонда таълим сифати паст бўлган мактаблар рўйхати тасдиқланди. 2025/26-ўқув йили учун таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатига 470 та мактаб киритилди. Бундай мактабларнинг энг кўпи — 99 таси Қашқадарё вилоятида жойлашган.
Изоҳ (0)