9 февраль, сешанба куни Москва биржасидаги кечки савдолар вақтида евронинг биржа курси 90 рублдан ошди, деб хабар қилади «РБК».
Охирги марта рублнинг еврога нисбатан бунчалик пасайиши 21 январда қайд этилганди. Ўшанда биржада бир евро 93,70 рублгача чиқиб кетган, аммо кунлик сессия 89,99 рубллик кўрсаткич билан ёпилган ва ундан кейин рубль мустаҳкамланиб борилганди.
Москва вақти бўйича 21:15 (Тошкент вақти билан 23:15)да биржада бир евро 90,2 рублни, бир доллар эса 79,61 рублни ташкил этди. Америка валютаси ҳам сессия охиригача қимматлашди, савдо куни 78,91 рубллик кўрсаткич билан очилганди.
Рублнинг тушиши нефть нархининг пасайиши билан бир вақтда содир бўлди. Лондондаги савдоларда Brent маркасидаги нефть нархи бир кун ичида 2,5 долларга тушди ва Москва вақти билан 21:15 да Brent маркасидаги нефтнинг бир баррели 30,50 доллардан савдо қилинди.
Изоҳ (0)