Экспертлар фюзеляж (корпус)даги ёриқ туфайли Сомалига шошилинч равишда қўнган A321 самолёти бортидаги портлаш теракт натижасида келиб чиққан деб баҳолади. Бу ҳақда «Вести.ru» хабар бермоқда. Лайнер салонидан портловчи модда излари топилган.
Унда портлашдан сўнг нималар содир бўлганини йўловчилардан бири видеотасвирга олишга улгурди. Роликда осилиб турган кислородли ниқоблар ва фюзеляждаги тешикни ҳам кўриш мумкин. Кўпчилик камарларни тақишга улгургани учун, герметикликнинг бузилиши натижасида шикастланишлар олмади.
Бортда теракт содир бўлгани ҳозирча асосий версия бўлиб турибди. Daallo Airlines авиакомпаниясининг Airbus’и Сомали пойтахти Могадишодан Жибутига учиб чиққан эди. Бортда 74 йўловчи бўлган. Лайнер тўрт минг метр баландликка кўтарилганида гумбурлаган овоз эшитилган ва фюзеляжда ўнг қанот ёнида самолёт эшиги катталигидаги ёриқ пайдо бўлган. Учувчилар фавқулодда қўнишга қарор қилган.
Ҳодиса натижасида рейснинг бир йўловчиси ҳалок бўлди: портлаш чоғида у салондан отилиб чиқиб кетди, унинг жасади Могадишодан 30 км наридан топилди. Яна икки киши яраланди.
Изоҳ (0)