Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 25 январь куни «Тошкент шаҳар аэропортининг янги халқаро йўловчи терминали қурилиши» (Тошкент-4) инвестициявий лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича бошланғич мажлис ўтказди, дея хабар бермоқда «Газета.uz».
Тошкент аэропортини Марказий Осиёнинг боғловчи аэропортига айлантириш, шунингдек, мамлакат рақобатбардошлилигини ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати эскирган ва кичик халқаро аэропортни (Аэропорт-2) янги халқаро йўловчи терминали билан алмаштирмоқчи. Техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш KOICA’га топширилди.
Ўтган йили Корея агентлиги лойиҳани амалга ошириш учун Инчхон аэропорти консорциумини танлаган эди. У жорий йилнинг январидан июнига қадар лойиҳа ҳамда аэропортни бошқариш режасини амалга ошириш бўйича техник-иқтисодий ҳужжатларни тайёрлайди.
Мажлисда Инчхон аэропорти бошқарувчи менежери Ким Донг Чёл ишлар режаси ҳақида гапириб берди ва Корея томони энг яхши натижаларга эришиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини айтди.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 2019 йил охиригача Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортнинг янги — «Тошкент-4» йўловчи терминалини ишга туширишни режалаштираётгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)