Британияда оғриқни ҳис қилмайдиган, шунингдек, деярли ухламайдиган ва овқатланмайдиган етти ёшли қизча истиқомат қилади. Бу унинг олтинчи хромосомасидаги бузилиш билан боғлиқ, ундаги ирсий маълумот қизчада мавжуд эмас. Бу ҳақда The Daily Mail маълумотига таяниб, «Газета.ru» хабар беради.
Етти ёшли Оливия Фарнсуортни машина уриб кетгандан сўнг, онаси уни шифокорлар ҳузурига олиб келди. Содир бўлган ҳодисага қарамасдан, бир томчи ҳам кўз ёш тўкмаган ва у билан нима содир бўлганлигини тушунмаган қизча шифокорлар эътиборини ўзига жалб қилди.
Болага жиддий шикаст етмаган, бироқ у ҳеч қандай оғриқни ҳам ҳис қилмаган. Шифокорлар томонидан қўйилган ташхисга кўра, боланинг олтинчи хромосомасида бўлиши лозим ҳисобланган ирсий маълумотларнинг бир қисми унда мавжуд эмас. Бунинг натижасида юзага келиши мумкин бўлган ҳар учала оқибат қизчада акс этган. У деярли овқатланмайди ва уч сутка кетма-кет ухламасдан юра олади.
Онасининг сўзларига қараганда, касаллик аломатлари фарзанди бир неча ойлик бўлгандаёқ ўзини намоён этган. Оливия чақалоқлигида сира йиғламаган, тўққиз ойлигидан бошлаб кундузи ухламай қўйган.
Изоҳ (0)