Ўзбекистон 2016 йилда 154 та инвестиция лойиҳаси бўйича 4,042 миллиард доллар ҳажмидаги хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Бу жорий йил учун Президент Ислом Каримов томонидан тасдиқланган Инвестиция дастурида кўзда тутилган, деб ёзади «Газета.uz».
Шундан 1,339 миллиард долларни 69 та лойиҳа бўйича ҳукумат кафолати остидаги хорижий кредитлар, 2,703 миллиард долларни 85 та лойиҳа бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига ўзлаштириш назарда тутилган.
Хорижий инвестицияларнинг энг катта қисми — 2,29 миллиард доллар 34 та лойиҳа бўйича ёқилғи-энергетика секторида ўзлаштирилади.
Россиянинг «Лукойл» нефть компанияси 2016 йилда Ўзбекистонда маҳсулотларни тақсимлаш тўғрисидаги иккита битимни амалга оширишга 879 миллион доллар сармоя киритади. Хитойнинг CNPC компанияси «Марказий Осиё—Хитой» газ қувурининг Ўзбекистондаги қисми тўртинчи линиясини қуришга киришади (800 миллион доллар). Жанубий Кореянинг Daewoo ва Hyundai консорциуми умумий қиймати 1,28 миллиард долларлик Толимаржон иссиқлик электр станцияси модернизациясини якунлайди. 2016 йилда лойиҳада 248,5 миллион долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)