Жанубий кореялик ҳужумчи Сон Ҳён Мин ёзги трансфер ойнасида “Тоттенҳэм” клубини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда The Athletic нашри журналисти Пол Тенорио хабар бермоқда.

Манбага кўра, 33 ёшли футболчини АҚШнинг MLS лигасида иштирок этаётган “Лос-Анжелес” клуби ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча ҳеч қандай келишувга эришилмаган, бироқ томонлар ўртасидаги музокаралар давом этмоқда.
Қайд этилишича, Сон Ҳён Миннинг собиқ жамоадоши — дарвозабон Уго Ллорис айнан шу жамоада тўп сурмоқда. Ушбу омил футболчининг трансферини амалга ошириш жараёнини тезлаштириши мумкин.
Аввалроқ Буюк Британия матбуотида “Тоттенҳэм” раҳбарияти жамоа сардорининг шартномаси якунланишига бир йил қолганини инобатга олиб, уни трансфер қилиш орқали даромад олишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, ўтган мавсум Сон Ҳён Мин барча мусобақалар доирасида 46 та учрашувда майдонга тушиб, 11 та гол ва 12 та голли узатмага муаллифлик қилган. Transfermarkt портали футболчининг трансфер қийматини 20 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)