Ўзбекистон халқ артисти, олий тоифали сухандон Абдумўмин Ўтбосаровнинг рафиқаси Гўзал Ўтбосарова турмуш ўртоғининг сўнгги кунини ёдга олди. Бу ҳақда «Даракчи.uz» хабар бермоқда.
«31 декабрь тонгида ‘Байрам дастурини ёзишимиз керак. Ишимни тугатиб қайтаман ва байрам дастурхони атрофида Янги йилни жамул-жам бўлиб кутамиз’, деб ишга кетгандилар», — дейди Гўзал опа кўзига ёш олиб.
«Соғлиғидан доим хабардор эдим, сира юраги безовта қилганини айтмаган. Шундай бўлганида ҳам албатта, бу ҳақда билган ва дарҳол чорасини кўрган бўлардим. Чунки бирор муаммо юз берса, биринчи бўлиб менга айтар, мен билан маслаҳатлашардилар. Орамизда сир йўқ эди. Ўша куни тонгда ишга кузатганимча, у кишини қайтиб кўрмадим... Ўша куни телевидениедан қўнғироқ қилиб, ‘Абдумўмин акани тоби қочиб қолгани боис стационарга олиб кетишди. Лекин сиз хавотир олманг, аҳволи оғир эмас’, дейишди. Стационарга етиб борсам, у ер қабул қилмагани учун Тошкент тиббиёт академиясининг реанимация бўлимига ётқизишган экан. Ўша ерда жон бердиларми ё аввалроқми буни билолмадим...», — дейди сухандоннинг рафиқаси.
Эслатиб ўтамиз, Абдумўмин Ўтбосаровнинг ҳаётдан кўз юмгани 2016 йил 1 январда маълум бўлди. Унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.
Изоҳ (0)