Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар сони уч баробарга оширилиб, ҳафтасига мингтага етказиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

2025 йилнинг 21-22 июль кунлари кунлари Москва шаҳрида икки мамлакат авиация ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатновларини ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилди.
Музокаралар натижасига кўра қуйидаги келишувларга эришилди:
Хусусан, ҳар бир мамлакат тайинланган авиакомпаниялари томонидан ҳафтасига
- Тошкент—Москва йўналишида 50 тадан (жами 100 та);
- Самарқанд—Москва йўналишида 23 тадан (жами 46 та);
- Бухоро—Москва, Урганч—Москва, Фарғона—Москва, Наманган—Москва йўналишларида 14 тадан (жами 112 та);
- Тошкент—Санкт Петербург, Тошкент—Красноярск, Тошкент—Сочи йўналишларида 14 тадан (жами 42 та);
- Термиз—Москва йўналишида 10 тадан (жами 20 та);
- бошқа барча шаҳарлар йўналишларида 7 тадан, яъни Россия авиаташувчилари учун уларнинг 80 та халқаро аэропортидан Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларига жами 560 та, Ўзбекистон авиаташувчилари учун Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларидан юқорида қайд этилганидан ташқари Россиянинг энг йирик 29 та халқаро аэропортларига жами 203 та авиақатновни амалга ошириш ҳуқуқини бериш;
- шунингдек, авиақатновларни амалга ошириш чоғида 3 та парвоз манзилини ўзида бирлаштирувчи “учбурчак” шаклдаги қатновларни амалга ошириш доирасида авиакомпаниялар сони бўйича чекловларни бекор қилиб, ҳар бир компанияга 5 тагача шаҳарни танлаш ҳуқуқини бериш.
Мазкур келишув доирасида ҳар икки мамлакат авиакомпаниялари барча парвоз шаҳарларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳафтасига 1000 дан ортиқ қатновни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди, айни вақтда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига жами 310 дан ортиқ мунтазам авиақатнов бажарилмоқда.
Таъкидланишича, эришилган келишув йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ошириш билан бирга, икки давлат ўртасида туристларнинг эркин ҳаракатланиши учун барча имкониятларни яратган ҳолда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг янада ривожланишига хизмат қилади.
Россиядаги ўзбекистонликлар сони
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 2024 йилнинг июнь ойида Россиядаги ўзбекистонликлар сони 1 миллион нафарни ташкил этишини маълум қилганди.
Статистик маълумотларга қараганда, 2016 йилгача 4 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари Россияда меҳнат фаолияти билан шуғулланган.
“Бу дегани агар 2016 йилгача энг кам статистикани, яъни 4 миллионни оладиган бўлсак ҳам, камида 3 миллион муҳожиримиз юртимизга қайтди. Мана шу кўрсаткичнинг ўзи ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасини кўрсатади, деб биламан”, деди Асадов.
2025 йил июнь ойида Владимир Путин Россия ва Ўзбекистон миграция масалаларини биргаликда ҳал қилишга, муҳожирларни олдиндан тайёрлашга келишиб олганини айтиб ўтганди.
Изоҳ (0)