Дубайда ўзининг иккинчи йиғинини ўтказаётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси йиғин давомидаги иккинчи назорат учрашувида Сурия олимпия терма жамоасидан 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Сурия олимпия терма жамоасига қарши кечган учрашув тенг кураш остида ўтди. Ўйиннинг биринчи бўлимида голлар киритилмади. Иккинчи бўлимнинг илк дақиқасида эса Сурия олимпиячилари пенальтидан ҳисобни очди. Қолган дақиқаларда дарвозаларга бошқа тўп киритилмади ва учрашув Сурия олимпия терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди.
Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги терма жамоа энди 27 декабрь куни Қатар олимпия терма жамоасига қарши ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси йиғин давомидаги илк ўртоқлик учрашувини КХДР терма жамоасига қарши ўтказган ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Изоҳ (0)