Forbes журнали йилнинг энг кўп ҳақ тўланувчи мусиқачилари рейтингини тузди. Унда биринчи ўринни 2015 йилда 135 миллион доллар ишлаб топган америкалик қўшиқчи Кэти Перри эгаллади. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар беради.
Нашрнинг таъкидлашича, йил давомида қўшиқчи ўзининг Prismatic World Tour турнеси доирасида дунё бўйлаб 126 та концерт берган. Ҳар бир чиқиши учун Кэти икки миллион доллар атрофида даромад олган. Бундан ташқари, реклама бўйича бир нечта шартномалари унга қўшимча даромад келтирган.
Иккинчи ўриндан британиялик поп-гуруҳ One Direction жой олди. Ўтган йил давомида қўшиқчилар 130 миллион доллар ишлади.
Рейтингнинг учинчи ўрнини йиллик даромади 90 миллион долларни ташкил этган америкалик кантри ижрочи Гарт Брукс эгаллади.
Рўйхат ўнлигига, шунингдек, Тейлор Свифт (80 миллион), The Eagles (73,5 миллион), Келвин Харрис (66 миллион), Жастин Тимберлейк (63,5 миллион), Diddy (60 миллион), Fleetwood Mac (59,5 миллион) ва Леди Гага (59 миллион) киритилди.
Изоҳ (0)