Тожикистон ҳукумати қошидаги тил ва атамашунослик қўмитаси янги туғилган чақалоқларга бериш мумкин бўлган исмларнинг ягона рўйхатини тайёрламоқда, деб ёзади «Интерфакс».
Жараёнга Фанлар академияси етакчи мутахассислари, ОТМлар профессорлари, тилшунослар, Тожикистон Миллий энциклопедияси илмий нашриёти ходимлари жалб қилинган.
Шу йил охири, келаси йил бошигача чоп этилиши режалаштирилаётган рўйхатдан тахминан 4—5 мингта замонавий ва қадимий тожик исмлари ўрин олади. Ҳар бир исмнинг маъноси, форсча эквиваленти, лотин алифбосидаги транскрипцияси келтирилади. «У фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимлари ходимлари учун энг зарур китоб бўлади», — деди қўмита ходими.
Нашр эслатишича, Тожикистон адлия вазирлиги апрель ойидаёқ «Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиққан эди.
Қонун лойиҳасига кўра, «миллий маданиятга бегона исмлар, буюм, маҳсулот, жонивор ва қушлар номлари, шунингдек, инсон обрўси ва қадр-қимматини пасайтирадиган, кишиларни касталарга бўладиган исмлар» тақиқланади.
Изоҳ (0)