Қизиқчи Геннадий Хазанов президент Владимир Путинга совға қилган Россия императорининг тожи нусхасини ноёб уста, Россия империяси орденларидан нусха кўчириш бўйича мутахассис тайёрлаган, дея хабар бермоқда «РИА Новости» артистнинг сўзларига таяниб.
«Мен ундан тож нусхасини ясаб беришни анчадан бери сўраб келардим, чунки уни Владимир Владимировичнинг туғилган кунига ҳадя қилмоқчи эдим. Президент бу борада жуда камсуқум, ҳар хил совғаларни ёқтирмайди, бироқ мен уни чорасиз аҳволда қолдирдим, чунки у мени учрашувга чақирди ва менда бундай имконият пайдо бўлди», — деди Хазанов.
Эслатиб ўтамиз, Путин ва Хазановнинг учрашуви Кремлда артистнинг 70 ёшга тўлиши муносабати билан бўлиб ўтди. Унга I даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» орденини топширар экан, Путин «орденнинг номланиши сиз йиллар давомида қилган меҳнатни акс эттиради», дея таъкидлади ва санъаткорга 1910 йилда чоп этилган пазандалик китоби нусхасини ҳадя қилди. Ўз вақтида Хазановнинг танилишига ошпазлик ўқув юрти талабасининг монологи сабаб бўлганди.
Изоҳ (0)