Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳокимлигидан 2016 йилги ғалла экини учун 5,5 гектар қўшимча ер олган «Элбек Бошмонов» фермер хўжалиги ғалла экишга кечикди, дея хабар бермоқда «Зарафшон» газетаси.
Мазкур ер майдони ўрнида илгари токзор бўлган. Туман ҳокимининг қарори билан самарасиз фойдаланиб келинган хусусий боғ ва ток майдонлари туман захира ерларига қайтариб олинган ва ғалла экини учун «Элбек Бошмонов» фермер хўжалигига берилган.
«Аммо бу ерни фуқаролар ўзбошимчалик билан томорқага айлантириб олиб, ловия, картошка ва бошқа экинлар эккан. Фермер бир неча марта огоҳлантириб, натижага эришолмагач, тегишли ташкилотларга арз қилган», — дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси Мизроб Баҳриев.
Хабар беришларича, бу иш Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида кўриб чиқилиб, фермер хўжалиги фойдасига ҳал этилган. «Аммо фермернинг ҳосили кечикадиган бўлди», — деб ёзади газета.
Фуқаролар томонидан экилган экинлар тақдири қандай кечгани, ерни томорқага айлантирган фуқароларга қандай чора кўрилганига газета хабарида аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)