Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида 24 ноябрь, сешанба куни Тошкент вақти билан 21:45 да ерости силкинишлари сезилди. «12news.uz» хабарига кўра, зилзила эпицентри Қирғизистонда бўлган.
«Тошкент» марказий сейсмостанциясидан маълум қилишларича, Андижонда зилзила кучи 2 баллни ташкил этган. Зилзила эпицентри Тошкентдан 350 километр узоқликда, Қирғизистон ҳудудида бўлган.
Европа—Ўртаер денгизи сейсмология маркази маълумотларига кўра, магнитудаси 4,7 га тенг зилзила эпицентри Бишкекдан 284 километр, Ўшдан 57 километр ва Ўзгандан 39 километр узоқликда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Ўзбекистонда эпицентри Қирғизистон ва Афғонистонда бўлган бир неча зилзилалар қайд этилди. Жумладан, Тошкентда 17 ноябрь куни 22:29 да 2,5—3 балли, 20 ноябрь куни 9:46 да эса 2 балли, 21 ноябрь куни 5:16 да 2 балли, 22 ноябрь куни соат 23:16 да 1—2 балли зилзилалар сезилди.
Аввалроқ Ўзбекистон Сейсмология институти Тошкент шаҳрида 10 балли ер силкиниши содир бўлиши ҳақидаги миш-мишларни рад этиб чиққанди. Бундан ташқари, 2015 йил охиригача Ўзбекистонда зилзилалар ҳақида тезкорлик билан маълумот берувчи сейсмостанциялар тармоғи ташкил этилиши маълум қилинган.
Изоҳ (0)