Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов 5 ноябрь куни Оқсаройда Корея Республикаси саноат, савдо ва табиий ресурслар вазирининг биринчи ўринбосари Ли Хван Сопни қабул қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар беради.
Ли Хван Соп Жанубий Корея делегацияси таркибида Халқаро инвестициявий форумда иштирок этиш учун Тошкентга етиб келди.
Суҳбат чоғида Жанубий кореялик инвесторларнинг мамлакатдаги давлат корхоналари ва активларини хусусийлаштириш жараёнида иштироки, етакчи саноат ва инфратузилма тармоқларида янги инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар Халқаро инвестициявий форум доирасида Жанубий кореялик ҳамкорлар билан нефть-газ, кимё, электротехника, машинасозлик ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва инфратузилмавий тармоқлардаги давлат активларини сотиб олиш бўйича умумий қиймати 220 миллион доллардан зиёд 24 битим ва меморандум имзоланишини юксак баҳолади.
Ли Хван Соп Корея Республикаси Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга устувор аҳамият беришини таъкидлади.
Изоҳ (0)