Тошкент шаҳрида сўнгги бир неча кундан буён бензин олиш учун катта навбатлар юзага келаётгани муносабати билан, Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси бензин учун навбатга қандай туриш кераклиги ҳақида ҳазиломуз эслатма-сурат тайёрлади. Сурат тармоқдаги «Водители Ташкента» гуруҳида эълон қилинган.
«250 дақиқа мобайнида навбатда турарканман, бензинга тезроқ етиб бориш учун навбатнинг қайси қаторига туриш ҳақида бош қотирувчилар учун эслатма ишлаб чиқдим», — деб ёзади фойдаланувчи. Эслатмага кўра, агар шохобчага кириш учун уч қаторлик навбат юзага келган бўлса, тезроқ бензин олиш учун йўл ёқасидаги энг биринчи қаторга туриш керак.
Фойдаланувчининг қайд этишича, баъзан навбатда турган ҳайдовчилар бошқа қатордаги автомобилларнинг навбати «жуда тез» келаётганини кўриб, «вақти-вақти билан машинадан тушиб: ‘Балки менинг қаторимдагилар ҳаммаси машинадан тушиб, ўз иши билан кетиб қолган бўлса-чи?’, — деган хаёл билан олдиндаги машина ҳайдовчиларини текшириб қўйгиси келиб кетади».
Сурат остида фикр билдирганлар баъзи фойдаланувчилар бу эслатма барча ёқилғи қуйиш шохобчалари учун ҳам мос келмаслиги, бир қатор шохобчаларда эслатмада кўрсатилган ечимнинг мутлақо акси самаралироқ эканини қайд этиб ўтган. Аксарият фойдаланувчилар эса сурат муаллифини ҳазиломуз эслатма учун олқишлаган.
Изоҳ (0)