Бухоро вилояти кўптармоқли тиббиёт марказида Ўзбекистон ва жанубий кореялик шифокорлар бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди, деб хабар қилади ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тиббий кўрикдан кўзланган мақсад болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир.
Бу ерга келган хорижлик терапевт, педиатр, акушер-гинеколог, нейрохирург ва окулистлар уч кун давомида болалар ва кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Мурожаат қилганларнинг бир қисмига аниқ ташхислар асосида даволаниш бўйича тавсия билан бирга дори-дармон ҳам берилди.
Тиббий кўрикда вилоят кўптармоқли тиббиёт марказининг тегишли йўналишлардаги шифокорлари ҳам иштирок этди. Бу улар учун тажриба алмашиш, маҳоратини ошириш имконини яратди.
– Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлган шифокор сифатида айтишим керакки, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим, – дейди жанубий кореялик шифокор Канг Пёнг Сок. – Вилоят кўптармоқли тиббиёт марказида барча қулайлик яратилган бўлиб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда барча шароит мавжудлиги боис биз келтирган тиббий ускуналарга ҳожат ҳам қолмади.
Изоҳ (0)