Уильям Шекспирнинг афсонавий «Глобус» театри 4 ноябрь, чоршанба куни Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида «Гамлет» пьесасини намойиш этди. Театрнинг Globe to Globe лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга ташрифи Ўзбекистондаги Британия Кенгаши, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда «Ўзбектеатр» бирлашмаси ҳамкорлигида амалга оширилди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
2 соату 45 дақиқа давом этган спектаклда 8 нафар актёр 20 дан зиёд рол ижро этди. У кутилмаган тарзда бошланди: томошабинлар жойларига ўтиришга улгурмай актёрлар саҳнага чиқиб келди, улардан айримлари реквизитларни, баъзилари эса саҳна либосларини тўғрилай бошлади. Бир актёр эса залга тушиб, мухлислар билан мулоқотга киришиб кетди. Пьеса инглиз тилида, русча субтитр билан намойиш этилди. Ўзбекистонлик мухлислар спектаклни иштиёқ билан томоша қилди, якунда ижрочиларни тик туриб олқишлади.
Эслатиб ўтамиз, Шекспир таваллудининг 450, вафот этганининг 400 йиллиги муносабати билан «Глобус» театри 2014 йил 23 апрелдан 2016 йил 23 апрелгача давом этадиган ижодий сафарга чиққан. Globe to Globe лойиҳаси доирасида театр дунёнинг 205 мамлакатида бўлиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)