Шахмат бўйича 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 8-тур партиялари ортда қолди. «Оламспорт» хабарига кўра, Грециянинг Халкидики шаҳрида давом этаётган мусобақа ғолиб ва совриндорлари 11 тур якунига кўра аниқланади.
5 ноябрга қадар давом этадиган жаҳон чемпионатида 122 давлатдан 1,6 мингдан зиёд шахматчилар иштирок этяпти. Ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини Маматқул Ҳайлаев ва гроссмейстер Марат Жумаев мураббийлигидаги 15 нафар ёш шахматчи ҳимоя қиляпти.
Шу кунгача мағлубиятсиз одимлаган Баҳора Абдусатторова оқ доналарда ўйнашига қарамай, ўзи сингари 6 очкога эга бўлиб турган германиялик Фиона Сиеберга кутилмаганда имкониятни бой берди. Мазкур мағлубиятдан сўнг Баҳора пешқадамликдан 3-ўринга тушиб қолди.
12 ёшлилар гуруҳида ўз имкониятини синовдан ўтказаётган Нодирбек Абдусатторов эса 8-турда дуранг натижа қайд этди. Қора доналарда ҳаракат қилган Нодирбек америкалик Эндрю Хонг билан муросага келди. Нодирбек 7 очко билан ҳамон ўз ёш гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб турибди.
10 ёшгача бўлган шахматчилар гуруҳида қатнашаётган Жавоҳир Синдаров якунига етган турда оқ донадарда германиялик Ричард Беткени мағлубиятга учратди. Унинг укаси Исломбек Синдаров эса, аксинча, қора доналарда ўйнаб, ҳиндистонлик Субраманиям Бҳаратга ютқазиб қўйди.
Шундай қилиб, Исломбек қўшимча кўрсаткичларга кўра, турнир жадвалида 4-ўриндан 8-поғонага тушиб кетди.
Изоҳ (0)