Қамоқдан қочган ва айни вақтда Мексика куч тузилмалари томонидан қидирилаётган Эль Чапо («Пакана») лақабли мексикалик наркобарон — Хоакин Гусман жароҳат олган. Бу ҳақда, Мексика ҳукуматига асосланиб, Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Ҳукумат маълумотларига кўра, «Синалоа» наркокартели раҳбарининг қўли ва юзи жароҳатланган. Гусманни излаб, қўлга олиш бўйича махсус операция Мексика шимоли-ғарбида, Гусман туғилиб ўсган жойлар яқинида олиб борилмоқда.
Куч тузилмалари вакилларининг маълум қилишича, қўлга тушишдан қочишга ҳаракат қилиб, жиноятчи зудлик билан яширинган ва шу вақтда жароҳат олган. Айни вақтда, жиноятчи жароҳатни «бевосита тўқнашув вақтида» олгани рад этилмоқда.
Гусман 2015 йил июлида алоҳида қўриқланадиган қамоқхонадан махсус қазилган ерости йўли орқали қочиб кетганди. 14 июль куни Мексика ҳукумати Эль Чапони қўлга олиш учун ёрдам берадиган маълумотни тақдим этган кишига 4 миллион доллар мукофот пули берилишини эълон қилди.
Изоҳ (0)