Эритрея термасининг ўн нафар футболчиси 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг биринчи давраси доирасида бўлиб ўтган сафардаги ўйиндан сўнг Ботсванадан бошпана сўради, дея хабар бермоқда «Сегодня.ua».
Жавоб учрашуви 13 октябрь куни Ботсвананинг Франсистаун шаҳрида ўтказилди ва мезбонлар фойдасига 3:1 ҳисобида якунланди, улар иккита ўйин натижаларига кўра, саралашнинг иккинчи даврасига чиқди.
14 октябрь куни эрталаб Эритрея термасининг ўн футболчиси уйга қайтаётган самолётга ўтирмасликка қарор қилди, шундан сўнг улар маҳаллий полиция томонидан қўлга олинди. Футболчилар бошпана сўраш учун Қизил Хоч ташкилоти бўлинмасини қидириб шаҳар кезиб юрган бўлган.
Маҳаллий газета ёзишича, эритреялик ўйинчилар келгусида миллий армияга қўшилишни тасаввур қилиб, даҳшатга тушган.
Нашр таъкидлашича, сўнгги йилларда эритреялик спортчиларнинг бошқа давлатлардан бошпана сўраш ҳоллари кўп кузатилмоқда.
БМТ Эритрея ҳукуматини инсон ҳуқуқларини бузиш, одамларни қийноққа солиш ва қуллар меҳнатидан фойдаланишда айбламоқда, бироқ мамлакат ҳукумати буларни рад этмоқда.
Изоҳ (0)