Нью-Йорк штати полицияси «Ҳаёт сўзи» насронийлар жамоаси аъзоси, 19 ёшли Лукас Леонарднинг ўлимида гумон қилиб, олти кишини ҳибсга олди. Улар орасида марҳумнинг ота-онаси ҳам бор, дея хабар бермоқда Meduza.
Леонард 12 октябрь, душанба куни Нью-Хатфорд касалхонасида вафот этди. Унинг укаси, ҳозирда аҳволи оғир эканлиги айтилаётган 17 ёшли Кристофер ҳам шу касалхонага келтирилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, гуноҳларини тан олиш ва тавба қилишни талаб этиб, ўсмирларни бир неча соат давомида калтаклашган. Қандай айб ҳақида гап кетганлиги ҳозирча маълум эмас.
Калтаклашда жамоанинг олти нафар аъзоси, жумладан, Лукас ва Кристофернинг ота-онаси — Брюс ҳамда Дебора Леонард ҳам иштирок этган. Уларнинг барчаси қотилликда айбланмоқда.
Нью-Хатфорд расмийларининг таъкидлашича, жамоанинг элликка яқин аъзоси бўлган, улардан айримлари мазкур қавмга тегишли черковда яшаган. Тинтув чоғида полиция черковда 2 дан 15 ёшгача бўлган етти нафар болани аниқлаб, давлат васийлигига олган.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, Леонардлар оиласи сектага мансублигини билдирмаган. Черковда нималар рўй бераётганидан ҳам ҳеч кимнинг хабари бўлмаган.
Изоҳ (0)