БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Стивен O’Брайен Яманнинг Дамар вилоятидаги тўй маросимига авиазарбалар берилиши юзасидан тезкор, шаффоф ва холис текширув ўтказишга чақирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Можаро иштирокчилари — давлатлар бўладими ёки ҳукуматга қарашли бўлмаган қуролли тузилмаларми, бундан қатъий назар, ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни ҳис этишлари лозим», —дея таъкидлаган O’Брайен.
Унинг айтишича, Ямандаги уруш давомида амалга оширилаётган ҳужумлар қурбонларининг 95 фоизи тинч аҳоли вакиллари бўлмоқда. Авиазарбаларнинг ярмидан зиёди аҳоли зич жойлашган шаҳар ҳудудларига қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, Дамар вилоятидаги тўй маросимига авиазарбалар берилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 51 нафарга етган. ОАВ маълумотларига кўра, бу ҳужумни араб мамлакатлари коалицияси амалга оширган, бироқ коалиция вакили Аҳмад ал-Ассирий авиация Дамарда амалиёт ўтказмаганлигини таъкидламоқда.
Изоҳ (0)