Хитойнинг Хенан вилоятидаги Юнтай геология боғида, 1080 метр баландликда жойлашган янги шиша кўприкнинг бир қисми дарз кетди, деб хабар беради «Tjournal».
Дарз кетишлар 5 октябрда пайдо бўлди ва сайёҳларни қаттиқ қўрқитиб юборди.
Боғга ташриф буюрган Ли Донг Хай ҳодиса гувоҳи бўлди. У ғалати товушни эшитганлиги ва шиша дарз кетганлигини пайқагунга қадар оёғининг қалтираб кетганини сезганлигини Weibo ижтимоий тармоғида сўзлаб берди.
Боғ матбуот котибининг сўзларига қараганда, сайёҳлардан бири зангламайдиган пўлатдан ясалган термосини тушириб юборгандан сўнг, кўприк дарз кетган. Боғ маъмуриятининг таъкидлашича, кўприкнинг уч қаватли шиша қатламининг фақат биттаси дарз кетган ва сайёҳлар хавф остида бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, Хитойдаги Шиньючжай Миллий боғида дунёдаги энг узун шиша осма кўприк қурилган эди.
Изоҳ (0)