77 кишини ўлдиргани учун 21 йилга озодликдан маҳрум этилган норвегиялик террорчи Андерс Брейвик «ўлгунига қадар давом этадиган» очлик эълон қилди. Бу ҳақда «Сегодня.ua» хабар бермоқда.
У мазкур қарорни қамоқхонадаги шароитлар ёмонлашгани сабаб қабул қилган. Брейвикнинг фикрича, 2 сентябрдан бошлаб қамоқхонада сақлашнинг янги қоидалари амал қилишни бошлаганидан сўнг, унга «ноинсоний муносабат»да бўлишмоқда.
Янги қоидаларга мувофиқ, Брейвик икки хонали камерадан бир хонали камерага кўчирилган ва сутканинг 23 соати давомида камерадан ташқарига чиқиши мумкин эмас. «Мен ўлгунимга қадар очлик эълон қиламан. Бу ердаги шароитларга ортиқ чидай олмайман», — деди Брейвик.
Брейвикнинг адвокати сўзларига кўра, террорчини сақлаш шароитлари «у ёки бу маънода» ёмонлашган: унинг бошқа маҳбуслар билан мулоқот чекланган, у эркин ҳаракатланиши мумкин бўлган ҳудуд қисқартирилган, бошқа маҳбуслар билан бирга бўлиш вақти камайтирилган.
Андерс Брейвик 2011 йили Осло марказида амалга оширилган ва 77 кишининг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракати ташкилотчиси ҳисобланади. 2012 йили у 21 йилга озодликдан маҳрум этилган, айни вақтда унинг жазо муддати чекланмаган миқдорда узайтирилиши мумкин.
Изоҳ (0)