Франция ҳукумати Рембрандтнинг суратларини сотиб олиш учун 80 миллион евро ажратишга тайёр. Бу ҳақда, «ТАСС» хабарига кўра, мамлакат Маданият вазирлиги маълум қилган — вазирлик мазкур савдони молиялаштиришга «Банк де Франс»ни жалб этган.
Миллиардер Ротшилдлар оиласи яқин вақт ичида голландиялик машҳур рассомнинг икки суратини 160 миллион евро эвазига сотувга қўймоқчи. Мазкур суратларда молиявий масалалар билан шуғулланувчи голланд давлат арбоблари тасвирланган. Ҳар иккала сурат Рембрандт томонидан 1634 йилда чизилган.
21 сентябрь куни Голландия ҳукумати мазкур суратларнинг Амстердам Қироллик музейи (Рейксмузеум) учун сотиб олинишини қисман молиялаштиришга тайёр эканлигини маълум қилганди. Агар музокаралар муваффақиятли якунланса, суратларни сотиб олиш бўйича операция Франция ва Голландия ҳукуматлари иштирокида биргаликда амалга оширилади.
Суратларни навбатма-навбат Голландия ва Франциядаги музейда намойиш этиш режалаштирилган. Сўнгги 150 йил давомида мазкур суратлар фақат бир марта — 1956 йили Голландияда намойиш этилган ва улар ҳақида кенг омма деярли ҳеч нарса билмайди.
Изоҳ (0)