Абу-Дабида бўлиб ўтган UFC оn АBC 9 турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи ярим оғир вазн тоифасидаги жангчи Богдан Гусков рейтингда ўзидан юқорида турган россиялик рақиби Никита Крилов устидан ишончли ғалабани қўлга киритди. Жанг биринчи раунддаёқ техник нокаут билан якунланди.

Гусков жангни фаол бошлади ва рақибига бир неча бор кучли зарбалар йўллади. Натижада ҳакам жангни тўхтатишга мажбур бўлди. Бу мағлубият Никита Крилов учун кетма-кет иккинчи, умумий ҳисобда эса профессионал фаолиятидаги 11-мағлубият бўлди.
Богдан Гусков эса ушбу ғалаба орқали UFC рейтингида ўз мавқеини янада мустаҳкамлади. Ўзбекистонлик аралаш жанг санъати устаси кетма-кет тўртинчи жангини муддатидан аввал якунлаб, ўзига хос натижани қайд этди.
Маълумот учун, Богдан Гусков UFC промоушени доирасида ҳозиргача 5 та жанг ўтказиб, шулардан 4 мартасида ғалаба қозонган бўлса, 1 баҳсда мағлубиятга учраган.
Изоҳ (0)